Компьютернинг асосий ва қўшимча қурилмалари, уларнинг ишлаш принциплари. Компьютер конфигурацияси. Замонавий компьютерларнинг турлари

2.1. Компьютерларнинг тузилиши. Юқорида айтиб ўтилганидек замонавий компьютерларнинг барчаси фон Нейман тамойиллари асосида яратилган, яъни уларнинг барчаси бир хил функционал тузилмага эга.

Компьютер конфигурацияси деб унинг таркибига кирувчи қурилмалар рўйхатига ва бу қурилмаларнинг асосий параметрларига айтилади. Замонавий компьютерлар қуйидаги асосий блоклардан ташкил топади. 1. Процессор (тизим) блоки; 2. Монитор; 3. Клавиатура ва сичқонча.

Процессор блоки таркибига камида қуйидаги қурилмалар киради. 1. Корпус ва электр таъминоти блоки; 2. Асосий плата; 3. Микропроцессор ва уни совутувчи кулер; 4. Тезкор хотира; 5. Винчестер туридаги ташқи хотира. Улардан ташқари, процессор блоки ичида оптик дисклар: CD ва DVD ларни ўқийдиган ва уларга маълумот ёзадиган қурилмалар, видеопроцессор платаси, интернетга уланиш учун турли русумдаги модемлар, FM радио, оддий ёки сунъий йўлдош телевидениесини қабул қилувчи қурилмалар ва бошқа шунга ўхшаш жиҳозлар жойланиши мумкин. Компьютерга уланадиган бошқа қурилмалар: клавиатура, сичқонча, жойстик, овоз кучайтиргич, микрофон, принтер, сканер, фото ва видео камера, мобиль телефон, флэш хотира, ташқи винчестер, маҳаллий компьютер тармоғи, интернетга уланиш кабели ва бошқа шунга ўхшаш қурилмалар процессор блокига унинг олд ва орқа томонига чиқарилган уланиш нуқталарига уланади. Компьютерга уланадиган, тўғрироғи, унинг таркибига кирувчи қурилмалар жойлашига кўра тўрт тоифага бўлинади: жойланган, ички, ташқи ва қўшимча. Жойланган қурилмалар асосий плата таркибига киради. Ички қурилмалар турли шиналар орқали асосий платага уланади ва компьютернинг процессор блоки ичида жойлашган бўлади. Ташқи қурилмалар деб компьютернинг асосий конфигурацияси таркибига кирувчи ва процессор блокидан ташқарида жойлашган
Қурилмалар: клавиатура, сичқонча, монитор, принтер, флэш хотира, овоз кучайтиргич каби қурилмаларга айтилади. қўшимча қурилмалар деб компьютернинг асосий конфигурацияси таркибига кирмайдиган ва процессор блокидан ташқарида жойлашган қурилмалар: проектор, сканер, видеокамера ва бошқаларга айтилади.
|